Ўзбекистон: Туркиядан Навоийга қайтганимизга пушаймонмиз

BBC Uzbek
BBC Uzbek 51.8K Views
  • 336
  • 108
  • 205

Ўзбекистон: Туркиядан Навоийга қайтганимизга пушаймонмиз

Туркияда муҳожирликда юрган Умировлар оиласи Ўзбекистонга қайтганидан пушаймон эканлигини айтишмоқда. Садирбек Умиров оиласи билан 2018 йилнинг июль ойида Президент Мирзиёев ваъдаларига ишониб ортга қайтган. Бироқ Навоий вилоятида уни конституцион тузумга тажовуз қилишда айблашмоқда.

Садирбек Умиров 2009 йили Навоийнинг Кармана туманидаги танишлари қамоққа ташлангач, унга нисбатан туҳмат бўлишидан қўрқиб Ўзбекистондан чиқиб кетишга мажбур бўлган.

"Турмуш ўртоғим чиқиб кетишидан бир неча ой ўтиб, уни танийдиган одамларга қаттиқ қийноқ қўллаб қарши кўрсатмалар ёзиб олишган. Шундан сўнг эрим Ўзбекистонга келмади. Бизни ҳам 2015 йилда ўзи яшаётган Туркияга чақириб олди", дейди унинг рафиқаси Дилрабо Умирова.

Дилрабо Умированинг айтишича, Президент Шавкат Мирзиёевнинг ваъдалаоидан сўнг, улар билан Навоий вилоятидаги ички ишлар органи ходимлари боғланиб Ўзбекистонга қайтаверишини ва муаммо бўлмаслигини айтишган.

Бироқ улар ортга қайтганидан сўнг, Садирбек Умировга нисбатан қўзғатилган жиноий иш давом эттирилади.

38 ёшли Садирбек Умиров уй қамоғига ҳукм қилинган ва унинг суди давом этмоқда.

"Эримга нисбатан қўйилган айб, қуруқ туҳмат. Айблар 2009 йили гувоҳларни электр токи каби даҳшатли нарсалар билан қинашганидан сўнг қўйилган. Судда иштирок этган гувоҳлар ўша вақти қийноқларга тутилганини ва мажбур бўлганини айтишди, бироқ судя нимага бу сафар ҳам кўрсатмаларга қўл қўйиб бериб, энди судда бошқача гапиряпсизлар, деб инобатга олмаяпти", дейди Дилрабо Умирова.

Унинг айтишича, гувоҳлар судьяга бу сафар ҳам ички ишлар органи ходимлари томонидан оғзаки равишда қўрқитилганидан сўнг, ушбу кўрсатмаларга қўл қўйиб берганини айтишган.

Гувоҳлардан бири Достон Ҳалимов Би-би-сига 2014 йилда қийноқлар остида Садирдек Умировга қарши кўрсатма ёзиб беришга мажбур бўлганини айтади.

"Ёлғон кўрсатмалардан чарчадик, бу қачонгача давом этади", дейди у.

Садирбек Умиров 6 ойдан бери уй қамоғида, суд унинг телефонда ёки бошқа воситалар орқали бошқалар билан гаплашишига тақиқ қўйган.

"Хўжайиним Туркияда автасалонда ишлар эди. Ўзбекистонга келиб, 6 ойдан бери ҳеч қаерда ишламайди. Моддий иқтисодий жиҳатдан ўта танг аҳволда бўлиб қолганмиз. 6 ойдан бери уй қамоғида, ҳамма нарсадан хўжайинимни чеклаб қўйишган. Ҳар томонлама сиқув остидамиз".

Дилрабо Умирова ваъдаларга ишониб Ўзбекистонга қайтганидан жуда ҳам пушаймон қилаётганини айтади.

"Тўғриси, биз келганимизга жуда ҳам пушаймон бўлдик. Чунки болаларимиз тинчгина мактабда ўқиб юрган эди. Хўжайиним тинчгина ишлаб юрган эди. Бундан кейин қандайдир ўзгариш бўлишига кўзим етмаяпти. Бизнинг вилоятимизга Президент қўллаган сиёсат етиб келмаганини гувоҳи бўлдим. Президентнинг нутқларини эшитиб, умид билан келган эдик", дейди Навоий вилоятидан Дилрабо Умирова.

Posted 6 months ago in OTHER